Сайтка кириу

ЖАРИМА МАЪМУРИЙ ЖАЗО ҚЎЛЛАШ ТЎҒРИСИДАГИ ҚАРОРНИ ИЖРО ЭТИШ

Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245-моддасида маъмурий судлар томонидан кўриб чиқиладиган ишлар рўйхати берилган.

Судья маъмурий ишни кўришда иш ҳолатларидан келиб чиқиб, ҳуқуқбузарнинг содир этган ҳаракатига мос равишда жарима маъмурий жазосини ҳам тайинлайди.

Судья ҳуқубузарга нисбатан жазо тайинлаганидан сўнг, ушбу тайинланган  жазонинг ижроси билан  билан ҳам шуғулланиши керак.

Маъмурий жазо турларининг ҳар бири алоҳида тартибда ижро қилинади. Жарима ҳуқуқбузарга қарор нусхаси топширилган кундан  бошлаб ўн беш кундан кечиктирмай тўланиши лозим.

Агар жарима солиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят ёки протест билдирилган бўлса, у ҳолда мазкур иш кассация инстанцияси томонидан кўрилиб, шикоят ва протест қаноатлантирилмаганлиги тўғрисида хабар берилган кундан бошлаб ўн  беш кундан кечиктирмай тўланиши керак.

Махсус автомаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун солинган жаримани ҳуқуқбузар қарор чиқарилган кундан бошлаб олтмиш кундан кечиктирмай, агар қарор устидан шикоят ва протест билдирилган бўлса, мазкур иш кассация инстанцияси томонидан кўрилиб, шикоят ва протест қаноатлантирилмаганлиги тўғрисида хабар берилган кундан бошлаб ўттиз кундан кечиктирмай тўлаши керак.

Агар ҳуқуқбузар юқорида кўрсатилган ихтиёрий муддат ичида жаримани тўламаса, жарима солиш тўғрисидаги қарор қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий  ижро бюросига юборилади.

Мажбурий  ижро бюроси органларининг давлат ижрочилари жаримани ундириш учун ҳуқуқбузарнинг иш ҳақи ёки бошқа маошидан, нафақасидан  ёҳуд стипендиясидан мажбурий  тартибда ундириб оладилар.

Башарти, ҳуқуқбузар иш жойига эга бўлмаса ёки жаримани унинг иш ҳақи, бошқа даромади, пенсияси ёки стипендиясидан  ундириб  олишнинг  имконияти бўлмаса, жарима ҳуқуқбузарнинг мулкидан, шунингдек мулкдаги унинг  хиссасидан  ундириб  олинади.

Жарима тўлиқ ундириб олинганидан сўнг, Мажбурий  ижро бюроси томонидан амалда ижро этилган ижро ҳужжати бўйича ижро иши  юритишни тамомлагш тўғрисида қарор чиқарилиб, ушбу қарор мансабдор шахсга ёки  судга  юборилади.

Беруний туман маъмурий

суди райси                                                                         З.Б.Расбергенов