Сайтка кириу

ОДИЛ СУДЛОВНИ ТАЪМИНЛАШ ВА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ – БОШ МАҚСАДИМИЗ.

ОДИЛ СУДЛОВНИ ТАЪМИНЛАШ ВА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ – БОШ МАҚСАДИМИЗ.

 

Мамлакатимизда сўнгги йилларда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бу ўзгаришлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, одил судловга эришиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган.

Бош қомусимизда эътироф этилганидек судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьяларнинг дахлсизлиги қонун билан кафолатланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 30 июнь куни Одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Президентимиз ўз маърузасида одил судловсиз коррупция авж олиб, инсон ҳуқуқлари поймол бўлаверишини, инвестор, тадбиркор, одамлар давлатга ишонмай қуйишини, айнан ушбу устувор масалалар юзасидан ўтган 3 йилда 20 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинганлигини, ислоҳотлар натижасида судлар томонидан илк маротаба 2 минг 273 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилганлигини таъкидлаб ўтди.

Лекин, халқимиз суд-ҳуқуқ тизимидан рози, дейишга ҳали эрта, биз сўнгги уч ярим йилда суриштирув ва тергов жараёнларида қийноқларга йўл қўймаслик бўйича жиддий ва ортга қайтмайдиган ислоҳотларни амалга оширдик, лекин Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида яқинда содир бўлган фожиали ҳолатлар тизим раҳбарларини уйғотиши, аниқ хулосалар қилишга чорлаши кераклигини, ушбу фожиа оқибатида 2 нафар инсон ҳаётдан эрта кўз юмганлигини, уларнинг оилалари бу ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларидан эмас, давлатдан норози эканлигини айтди.

Шунингдек ҳозирги тергов сифати ва ходимлар малакаси талабга мутлақо жавоб бермаслигини, эндиликда терговчиликка номзодларга ҳам қўйиладиган талабларни кучайтириш кераклигини, Олий тергов институтини ташкил этилиши, терговчилик касбини эгаллашга мутлақо янги талабларни ишлаб чиқиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши кераклигини, фуқаро ва тадбиркорларни ортиқча овора бўлмаслиги учун илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида, суд тизимини бир суд – бир инстанция тамойили асосида қайта кўриб чиқиш зарурлигини, туман (шаҳар) ва вилоят судлари ҳамда Олий суд ваколатларини аниқ чегаралаб қўйиш лозимлигини, энди туман (шаҳар)да ишлар фақат биринчи босқичда, вилоятда апелляция, Олий судда эса кассация шаклида кўрилиши, Олий суд томонидан ҳар қандай ишни назорат тартибида кўриш амалиётидан тўлиқ воз кечилишини айтди.

Судьялар мустақиллигини таъминлаш, уларга адолатли қарор қабул қилишда босим ўтказишга йўл қўймаслик мақсадида Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш мақсадга мувофиқлигини, бундан ташқари тегишли муддатда судьянинг фаолиятига тўсқинлик қилгани ва адолатсиз қарор чиқаришга мажбурлагани учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳаси тайёрланиши лозимлигини билдирди.

Адвокатлик фаолиятини бошлаши учун ёш мутахассислардан 2 йиллик юридик стаж талаб этишни бекор қилиш, талабаликдан адвокат ёрдамчиси сифатида амалиёт ўташ тартибини жорий этиш керак, интеграция ва инвестиция жараёнлари ривожланаётган шароитда халқаро ҳуқуқни чуқур эгаллаган адвокатларга эҳтиёж кўпайган, шу боис ёш адвокатларни танлов орқали етакчи хорижий юридик компанияларда стажировка ўташини ташкил этиш учун давлат грантлари ажратилади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигини ташкил этиш ҳақидаги фармон имзоланганлиги тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари ўз тизимларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, соҳаларни рақамлаштириш ва тўлиқ электрон тизимга ўтказиш ишларини жадаллаштириш асосий вазифа бўлишини айтди.

Президентимиз томонидан йиғилишда белгилаб берилган топшириқ ва вазифалар моҳиятидан келиб чиқиб, одил судловни амалга ошириш йўлида тўсиқлар енгамиз, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришда бор билим ва тажрибамизни сафарбар этамиз, одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши кураш – бош мақсадимизга айланади.

 

 

Беруний туманлараро

иқтисодий судининг раиси                                              Б.К. КТАЙБЕКОВ