Сайтка кириу

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тартиби.

 

 

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тартиби

 

Ӯзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг        325-моддасига мувофиқ,  суд ўзи қабул қилган ҳамда қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриши мумкин. Биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори, ажрим янги очилган ҳолатлар бўйича шу ҳал қилув қарорини, ажримни қабул қилган суд томонидан қайта кўрилади. Янги очилган ҳолатлар бўйича апелляция, кассация ёки назорат инстанциясининг қайси қарорлари ва ажримлари билан суд ҳужжати ўзгартирилган ёки янги суд ҳужжати қабул қилинган бўлса, ўша қарорлар ва ажримларни қайта кўриш суд ҳужжатини ўзгартирган ёхуд янги суд ҳужжати қабул қилган инстанция томонидан амалга оширилади.

Ӯзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг        327-моддасига мувофиқ, қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асослар қуйидагилардан иборат:

1) суд ҳужжати қабул қилинган пайтда мавжуд бўлган, лекин аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, иш учун муҳим ҳолатлар;

2) экспертнинг била туриб ёлғон хулоса берганлиги, гувоҳнинг била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлиги, била туриб нотўғри таржима қилинганлиги суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган бўлса ва мазкур иш бўйича қонунга хилоф ёки асосланмаган суд ҳужжати қабул қилинишига сабаб бўлган бўлса;

3) ишда иштирок этувчи шахснинг ёки унинг вакилининг ёхуд судьянинг мазкур ишни кўриш чоғида содир этилган, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими билан аниқланган жиноий қилмишлари;

4) иқтисодий суднинг, фуқаролик ишлари бўйича суднинг, жиноят ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий суднинг мазкур иш бўйича суд ҳужжатини қабул қилишга асос бўлган суд ҳужжати ёхуд бошқа органнинг шундай ҳужжати бекор қилинганлиги.

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ушбу суд ҳужжатини қабул қилган судга суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай, ишда иштирок этувчи шахслар ёки прокурор томонидан берилади. Аризанинг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар аризага илова қилинади. Ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддати, ариза билан мурожаат қилган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, суд томонидан тикланиши мумкин.

Суд ҳужжати қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан уч йил ўтгач берилган аризалар кўриб чиқилмайди. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза судга ёзма шаклда берилади. Ариза уни берган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Аризани суднинг иш юритишига қабул қилиш тўғрисидаги масала у судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай судья томонидан якка тартибда ҳал қилинади. Аризани иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади. Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга тегишли тартибда юборилади.

Агарда, ариза Ӯзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 328 ва 329-моддаларида белгиланган қоидалар бузилган ҳолда берилган бўлса, ариза белгиланган муддат тугаганидан сўнг берилган бўлса ва уни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаса, ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш сабаблари узрсиз деб ҳисобланиб, шунга кўра ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклашга асос мавжуд бўлмаса суд қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани қайтаради. Аризани қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади. Аризани қайтариш тўғрисидаги суд ажрими устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза у судга келиб тушган кундан эътиборан бир ойдан ошмаган муддатда, ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги аризани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза юзасидан биринчи суд мажлиси аризани иш юритишга қабул қилиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан кечиктирмай ўтказилиши керак. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари юзасидан суд аризани қаноатлантириш ва илгари ўзи қабул қилган суд ҳужжатини бекор қилиш ҳақида ёки аризани қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади, чиқарилган ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Суд ҳужжати янги очилган ҳолатлар бўйича бекор қилинган тақдирда, илгари ўзи қабул қилган суд ҳужжатини бекор қилган суднинг ўзи ишни ушбу Кодексда белгиланган умумий тартибда кўради.

 

Нукус туманлараро

иқтисодий судининг судьяси

Ш.Абдыжемилова