Сайтка кириу

Устоз ва мураббийлар кунига Беруний тумани ҳокимининг байрам табриги.

 

Ассалому алайкум азиз меҳмонлар ҳурматли устозлар таълим ва тарбия соҳасининг жонкуярлари!

Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда устоз деган шарафли номни улуғлаб келаётган, юртимиздаги барча инсонларни умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ушбу қутлуғ айёмни мамлакатимизда кенг нишонлар эканмиз, биринчи навбатда қадрдон мактабимиз, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз сиймоси кўз олдимизда намоён бўлади. Биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган сизлар каби азиз ва мўътабар устозлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.

Бугун юртимизда жуда кўп хайрли ишлар бўлаётганини ҳаммамиз кўриб, кузатиб, бундай яхши кунларнинг иштирокчиси бўлиб турибмиз. Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимиз, тараққиётнинг янги поғонасига кўтарилди.

Барчамиз яхши тушунамиз, таълим-тарбия – ҳар қайси давлат ва жамиятнинг нафақат бугунги, балки эртанги кунини ҳам ҳал қиладиган энг муҳим ва устувор масаладир. Шунинг учун мамлакатимизда бу масалага давлат миқёсида катта эътибор қаратилмоқда.

Ҳар қанча оғир вазият бўлмасин пандемия шароитида таълим тизимига эътибор доимгиданда юқори бўлди. Ҳусусан онлайн таълим шаклида уй таълими жорий қилинди ва бу ўзини оқлади.

Бугунги таълим олаётган ёшларимиз барча замонавий таълим воситаларидан, янги бинолардан фойдаланишга ҳақлидир. Шу муносабат билан Беруний туманида 2020 йилда 14-сонли умумтаълим мактаби Инқирозга Қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 миллиард 600 миллион сўм пул маблағлари ҳисобига жорий капитал таъмирдан чиқарилди. Тумандаги Беруний Овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 22-сонли мактабнинг спорт зали, маҳаллий бюджет ҳисобидан 850 миллион сўмга қурилиб, ўқувчилар учун фойдаланишга топширилди. Замонавий, барча қулайликларга эга бўлган шароитда таълим олган ҳар бир Ўзбекистонлик ёш, юртимиз ривожига албатта муносиб ҳисса қўшади.

Ҳурматли устозлар!

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан (ЎРҚ -637, 23.09.2020 йилда) имзоланган “Таълим тўғрисида»ги қонун тамоман янги кўринишда профессионал таълим тизимини ўзида мужассамлаштиран ҳамда замон талабига мос касблар бўйича кадрлар тайёрлашни илгари сурадиган,  айни бугунги кун талабига мос равишда яратилган қонун кучга кирди десак адашмаган бўламиз. Ўзбекистонда янги профессионал таълимни амалга оширишда билим ва база мавжуд. Азиз ўқитувчиларимиз бу борада ҳам ёшларга қўл қанот бўлиб, илм чўққиларини забт этишда йўлбошчилик қилади.

Бу йил мактабгача таълим тизимида ҳам юқори ўзгаришларни кузатмоқдамиз.

Беруний тумани мактабгача таълим бўлими тасарруфида бугунги кунда 42 та давлат, 8 та давлат хусусий шерикчилик асосидаги, 72 та оилавий мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлиб. 8104 нафар болалар мактабгача таълимга қамраб олинган. Қамров фоизи 47.8% ни ташкил этади.

Болажонларга таълим-тарбия беришда, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишда айниқса мактабгача таълим соҳасида фаолият юритаётган тарбиячи ва мураббийларнинг ўрни салмоқлидир. Сизнинг меҳнатингиз, ёш авлодга бераётган таълим ва тарбиянгиз беқиёсдир.

Ҳурматли устоз ва мураббийлар!

Ҳазрати Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам устозларнинг олижаноб меҳнати ҳақини адо этиб бўлмайди. Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир ўқувчини ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидоий касб эгаларидир.

Устозлик мақоми жуда ҳам олий саодат.

Азиз устозлар! Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!

А.Сапарбаев

Беруний тумани ҳокими