Сайтка кириу

Коррупцияга қарши курашиш – давр талаби

Барчамизга маълумки, ҳозирги замон миллий ва халқаро ҳуқуқида тобора кўп қўлланилаётган атамалардан бири бу коррупциядир.

Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ коррупция иллатига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Чунки порахўрлик – ҳокимият ва бошқарув асосларини емирадиган, унинг аҳоли олдидаги обрўсига путур етказадиган, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган ҳавфли жиноий ҳодисалардан биридир.

Маълумки, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.

Коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартиради ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларга сабаб бўлади. Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир. Лекин фақат давлат хизматчилари коррупция фаолиятининг субъектлари ҳисобланади, чунки коррупция муносабатлари юзага келишига сабаб бўладиган қарорлар қабул қилиш ёки ҳаракатлар содир этиш учун ҳокимият ваколатига фақат улар эга бўлади”.

Умуман олганда, коррупция ҳодисасига сўзнинг кенг маъносида ёндашадиган бўлсак, бу шунчаки жиноят ёки ҳуқуқбузарлик эмас, балки маънавий бузилиш ҳолатидир. Шундай экан, ўйлаймизки, мазкур иллатга қарши курашда нафақат давлат органлари, балки, жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъулдирлар.

Ҳозирда коррупция тушунчасини ёритишда бир қанча таърифлар мавжуд. БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясида коррупцияга энг қисқа, лекин кенг қамровли таъриф қуйидагича берилган: “Коррупция – бу шахсий наф кўриш мақсадида давлат ҳокимиятини суистеъмол қилишдир”.

Бугунги кунда лоқайдлик, бефарқлик, иккиюзламачилик, товламачилик, фирибгарлик, уруғ-аймоқчилик, таниш-билишчилик, порахўрлик каби иллатлар адлия органлари тизимида ҳам ҳали-ҳамон учраётганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик тўғрисида адлия бошқармаси томонидан мунтазам равишда профилактик суҳбатлар ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, кенгайтирилган йиғилишларда барча ходимлар ўз хизмат вазифаларини ҳалол, виждонан, юқори профессионал даражада ва ваколатларидан четга чиқмаган ҳолда бажариши, ҳар қандай вазиятда ўз шаъни ва қадр-қимматини сақлаши, одоб-аҳлоқ касб этика қоидаларига риоя қилиши, камтар, хушмуомалада бўлиши, ҳеч кимга нисбатан қўпол муомалада бўлмаслиги, фуқароларни қабул қилишда унинг холислиги ва беғаразлигини шубҳа остига қўядиган, бирор-бир афзаллик ва нохолис муносабат мавжуд деган тасаввурни ҳосил қилиши мумкин бўлган, шунингдек адлия органларини обрўсизлантириш ва нуфузига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши, ўз хизмат вазифаларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳаракат ёки ҳаракатсизлик эвазига пул, моддий бойлик ва мулкий аҳамиятга эга хизматлар ёки бошқа кўринишда ҳақ олмаслиги, ўз хизмат мавқеидан ўзи, қариндошлари ва бошқа шахслар учун бирон-бир манфаат, хизмат, тижорат ёки бошқача тарзда фойда олиш мақсадида фойдаланмаслиги, шахсий масалалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларга мурожаат қилганда хизмат мавқеидан фойдаланмаслиги, бўйсинувидаги ходимларни ноқонуний қарорлар қабул қилиш ёки ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишга мажбур этмаслиги кераклигини ҳар куни ёдда тутмоғи лозимлиги таъкидланиб келинмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса бўлиб, унга қарши курашиш учун алоҳида чораларни қўллаш самарали ҳисобланмайди, коррупцияга қарши курашиш давлат ва жамиятнинг ўзаро жипслиги талаб этилади. Зеро, бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар фуқаролар томонидан ҳам фаоллик кўрсатилсагина, кўзланган натижани бериши мумкин.

Демак, биз коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз, барчамиз бирга ҳаракат қилмоғимиз зарур. Бунда коррупцияга қарши курашиш фаолиятининг мақсади ва объекти сифатида алоҳида олинган коррупционер эмас, балки ушбу хатти-ҳаракатларни амалга оширишга шароит яратиб берувчи ҳолатларини бартараф қилиш ва профилактик олдини олиш чораларида намоён бўлишини англаган ҳолда ҳаракат қилмоғимиз лозим бўлади.

 

Беруний тумани Давлат хизматлари

маркази бош мутахассиси:-                                                Р.Кенжаев