Сайтка кириу

Келгуси йил ҳосилига тайёргарлик.

Қишлоқ ҳўжалиги соҳасида бугунги кунда амалга оширилаётган тадбирлар замирида, инсон истеъмолидаги маҳсулотларнинг сифатлилик даражасини ошириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек масъулиятли вазифа турибди. Мамлакатимизда бу соҳада 2020 йил давомида сезиларли ишлар амалга оширилди. Хеч кимга сир эмас пандемия сабабли аҳоли истеъмоли маҳсулотлари  мева-сабзовот ва полиз экинларининг экспорт жараёнлари ҳам ошди. Шуларни назарда тутган ҳолда Беруний туманида қишлоқ ҳўжалиги соҳасида ердан унумли фойдаланиш, тежамкор сув технологияларини жорий этиш, 2021 йилнинг кафолатли ҳосили учун кузги шудгорлаш ишларини ўз вақтида олиб бориш мақсадида отрядлар шакллантирилиб, зарур техникалар ишга туширилди. Келгуси йил ҳосили учун Беруний туманидаги  153 фермер ҳўжаликлари ва Беруний кластер МЧЖ томонидан 8700 гектар ер шудгор қилиниши белгиланган. 45 та юқори унумли тракторлар иш фаолиятини бошлаб юборган. Айни пайтда  машина трактор парклари, механизаторлар кузги шудгорлаш ишларига киришди.Тумандаги барча фермер ҳўжаликлар шудгор масаласига алоҳида ёндашганлигини кўришимиз мумкин.  Сифатли шудгорланган майдонларда шўр ювиш, эрта баҳорда тупроқни экишга тайёрлаш ҳамда экиш каби агротехник тадбирларни ўз вақтида ва самарали ўтказишга эришилади. Барча тадбирларнинг ўтказилиши кейинги йил ҳосилига пухта тайёргарлик ва юқори унумдорликни таъминлаш бўлиб ҳисобланади.

Қорақалпоғистон Республикасида 20 ноябрь ҳолатига ерларнинг шудгорланиши бўйича барча амалий ишлар якунланиши белгиланган. Бугунги кунда ҳудудда 13 та отряд шакллантирилган бўлиб, уларнинг асосий вазифалари шудгорлаш ишларининг вақтида ва сифатли бажарилиши,  ҳар бир контурни шудгорлаш отрядлари раҳбаридан сертификат асосида қабул қилиб олиш, шудгорлаш ишларининг сифатли ўтказилиши (саёз, тўлиқ контур ҳосил қилинмаган, дала боши ва охири ҳайдалмаган ва бошқа) ҳамда белгиланган муддатларда якунлаши устидан катъий назорат ўрнатиш, шу билан бирга шудгорлаш ишларини сифатсиз бажарилган ҳолатларда белгиланган тартибда далолатномаларни расмийлаштириш ҳамда айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўриш вазифаси «Ўзагроинспекция» нинг Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туман бўлимига юклатилган. Бугунги амалий натижадорликдан шундай хулоса қилишимиз мумкинки, барча ер эгалари ўзларига юклатилган вазифаларни вақтида ва аниқ бажарилиши юзасидан бор имкониятларини ишга солган. Албатта қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда тегишли чоралар кўрилади. Зеро она ер инсониятни ўз неъматлари билан сийлар экан, ерни қаровсиз қолдиришга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.

 

Умиджон Қаландаров,

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Беруний тумани бўлими бошлиғи.