Сайтка кириу

Беруний туманида маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида сайловлар қизғин давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 15 октябрдаги “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунига кўра Беруний туманида маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида сайловлар қизғин давом этмоқда. Уларда кўзда тутилган ўзгаришлар ҳақида аҳолига тушунтириш ишлари олиб борилди.

Олдинги қонун фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) билан бир вақтда унинг маслаҳатчисини ҳам сайлашни назарда тутар эди. Раиснинг ваколат муддати 2,5 йил бўлиб, бу муддат уларга ўз билим ва бошқарув қобилиятини тўлиқ намоён этишга имконият бермаётган эди. Шунингдек, раислар фуқаролар вакиллари йиғилиши томонидан сайланарди. Бунда сайловчилар номидан атиги 50-80 нафар вакил овоз берарди. Бошқа фуқаролар баъзан бундан бехабар қолаётган, ўз фикрини билдира олмаётганди. Яна бир жиҳати шунда эдики, сайлов очиқ овоз бериш йўли билан ўтказилгани боис, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродаларини эркин билдириш имконияти чекланганди.

Қонундаги ўзгаришлар натижасида маслаҳатчиларнинг раис (оқсоқол) билан бир вақтда сайланишининг олди олинди. Унинг ваколат муддати 2,5 йилдан 3 йилга узайтирилди. Вакилликнинг минимал нормаси белгиланди, яъни у сайловчиларнинг 12 фоизидан кам бўлмаслиги тартиби ўрнатилди. Эндиликда Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи алоҳида республика комиссияси тузилади. Бундан кейинги сайловларда яширин овоз берилади. Бу каби ўзгаришлар сайловнинг ҳаққоний ўтишига хизмат қилиш билан бирга, халқимизга ҳам жуда маъқул бўлмоқда.