Сайтка кириу

Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар фарзандларини ёлғиз ўзи тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар берилди.

Бугун туманимизда ўзгача кун! Туманимизнинг 18 та хонадонида янги уйлар шодиёналари нишонланмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини янада жадаллаштириш, одамларнинг эзгу орзу-мақсадлари юзага чиқишига яқиндан кўмаклашиш, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида туб ижобий ўзгаришларни амалга оширишга оид кенг кўламли ташаббуслар халқимиз турмуш даражасини кун сайин юксалтирмоқда. Бу ҳаётий муҳим масалалар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз ифодасини топган.

Кучли ижтимоий ҳимоя, кам таъминланган оилалар ва ногиронларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидандир.

“2017-2021 йилларда қишлоқ жойларида янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги ПҚ-2639-сонли ҳамда 2017 йил 23 октябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3350-сонли қарорлари бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.  Мазкур ҳужжатлар доирасида 12 нафар хотин-қизлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги  “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар фарзандларини ёлғиз ўзи тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож  оналарга  арзон уй-жой бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 285-сонли қарори  асосида уй-жойга муҳтож 6 нафар хотин-қизлар, жами
18  нафар хотин-қизларнинг ҳужжатлари тегишли тартибда банкларга тақдим қилиниб, бошланғич бадал пуллари туман ҳокимлиги ҳамда Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан тўлаб берилди.

Ушбу ҳужжатлар ижроси аҳолининг замонавий ва шинам уйлардан фойдаланиш даражасини тубдан оширишга хизмат қилмоқда. Бундай замонавий уйлар юртимиз кўркига кўрк қўшиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш билан бирга, одамларда давлатга, эртанги кунга ишонч туйғусини янада мустаҳкамламоқда. Мазкур қарор асосида “Шимом” овул фуқаролар йиғини “Кўккўз” аҳоли манзилида “Шайх Аббос” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2 қаватли, 16 хонадонли турар жойлар қурилиши аҳолимиз учун жуда ҳам қувончли бўлди. 2 млрд. 200 млн. сўмлик қурилиш ишлари олиб борилди ва кўриб турганингиздек ушбу кўркам ва замонавий уй қад кўтарди. Бу уйлардан 13 таси ижтимоий ёрдамга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бор бўлган фуқароларга яна
3 таси мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тавсияси асосида берилмоқда. Шунингдек ижтимоий ёрдамга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бор бўлган фуқароларга шу ҳудуддан яна 5 та 2 сотихли уйлар ҳам берилмоқда.

Мана бугун ушбу уйларни ўз эгаларига топшириб, уларга янги уйларда бахтли ҳаёт кечиришларини тилаш бахтига ҳам муяссар бўлиб турибмиз.

Президентимиз ғояси асосида бу каби барча шароитларга эга уйлар халқимиз учун чинакам туҳфадир.

Бугун ким билан суҳбатлашманг, мамлакатимизда инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ эканига яна бир карра ишонч ҳосил қиласиз. Бу давлатимиз раҳбарининг одамлар манфаатини таъминлашни олий мақсад, деб иш олиб бораётганининг амалий ифодасидир.

Зеро, мана шундай обод ва ораста кошоналарда эзгу ниятлар, буюк мақсадлар туғилади. Бундай эътибор одамларни янги марралар сари руҳлантириб, куч-қувват бағишлайди, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлайди.